Узун тумани ҳокимлиги
Коррупцияга қарши курашиш энг долзарб масала…

Коррупцияни идрок этиш индексини — давлат секторидаги коррупция даражасини эксперт ва бизнес вакиллари баҳолайди. Аввалги йилларда бўлгани каби, дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғининг ўртача бали 43 дан 50 гача кўрсаткичда турибди. Индекс тузувчиларнинг фикрича, бу аксарият мамлакатларнинг коррупцияни жиддий назорат қила олмаганлиги ва демократиянинг инқирозидан далолат беради.

2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткични яхшилаш устида кўп ишлаши керак.

Бунда бир омилга аҳамият берилиши, яъни кўчмас мулк сотиб олинаётганда пулларнинг келиб чиқиши қонунийлиги текширилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Ваҳоланки, бизда жуда қиммат уйлар эгалари уларни сотиб олиш ёки қуриш учун маблағни қаердан олгани суриштирилмайди ҳам (2021 йилда декларация тўлдирилади, унгача мулклар имкон қадар “бошқа”га ўтказилиши мумкин).

2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилиши соҳада туб ўзгаришларга туртки беришига ишонамиз. Агентликка халқаро конвенция талабларини бажариш мақсадида ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилиши, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши идоранинг мақом ҳамда нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Демак, миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Бизнингча, бу ярамас иллатга қарши курашишни қуйидаги муаммоларнинг ечимидан бошлаш тавсия этилади: агентлик томонидан коррупция таркибий қисмига кирадиган қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши; давлат муассасалари устидан жамоатчилик назорати (очиқлик индекси) ўрнатилиши; ҳокимлар ва вазирлар парламент ҳамда маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланиши; барча давлат хизматлари “Ягона ойна” марказларига ўтказилиши, суд тизими мустақиллиги мустаҳкамланиши; давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси, мансабдор шахсларнинг иш ҳақини бизнесдагига ўхшаш иш ҳақидан 2-3 баравар кўп бўлишига эришилиши (Грузия тажрибаси) керак.

Хулоса ўрнида

Ўзбекистонда бу борада тўпланган муаммолар Россияникига яқин туради, демак, дастлабки тадбирлар ана шу схема асосида амалга оширилиши мумкин. Коррупция илдизига болта уришда жиноят ишлари бўйича судлар устувор мавқени эгаллаши лозим, деган фикрдамиз.

Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби юртимиз аҳолиси бир асрлик мустамлакачилик даврида йўқотилган моддий ҳамда маънавий бойликлар ўрнини қайта тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш, миллий ўзликни асраш йўлида кечаю кундуз меҳнат қиладиган давр келди.

Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали миллий тараққиётга эришди. Биз ҳам шу нурли йўлдан юришга муносиб халқмиз. Зеро, озодлик, эркинлик яратган бой имкониятдан тўлақонли фойдаланиш Ўзбекистонда коррупция муаммоси ечилишига, қолаверса, учта ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш тамойилига нечоғли амал қилишига чамбарчас боғлиқ бўлади.

Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.

 

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири

А.И.Тошхўжаев

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси