Узун тумани ҳокимлиги
Суд тизимидаги янгиликлар

Жорий йилнинг 12-13 январь кунлари давлатимиз раҳбари томонидан суд тизимини такомиллаштиришга оид бир қатор Қонунлар ва Фармон имзоланди.

Хусусан, "Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–663-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуққли эканлиги белгиланди.

Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади.

Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.

Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин.

Шу каби, "Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–665-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартишларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.

Эндиликда фуқаролар ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувини олишга ҳақли.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.

Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди.

Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради.

"Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–662-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган ўзгартишлар билан Маъмурий суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди.

Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди.

Апелляция шикояти қарор қабул қилингандан бир ой муддатда берилиши мумкинлиги белгиланди (илгари бу муддат 20 кун эди).

Апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этишга оид ажрим ҳақида иштирок этувчи шахслар 3 кунда хабардор қилинади (илгари хабардор қилиш ажрим чиқарилган кунда амалга оширилган).

Кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинганидан 1 йилда берилиши мумкин (илгари ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин эди).

Шунингдек, манфаатдор шахслар ишларни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли.

       

ЖИБ Узун туман судининг раиси                         О.Жуманов

Сурхондарё вилоят судининг судьяси                 К.Назаров

Сурхондарё вилоят судининг судьяси                 З.Нарзиев

13 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси